Шубҳа эмас, ишонч билан яшаш керак эмасми?

( Ботир Норбой домлага жавоб ўрнида )

Ботирбой  Норбой домла, сиз жуда ҳам доно фикрли кишисиз! Шунинг учун ҳам сиздай киши менга ва барча Замондошчилар фаолиятига беътибор бўлмай, қимматли вақтингизни аямай хат йўллаганингиз учун ўзим ва ҳамма замондошчилар номидан миннатдорчилик билдираман.

Фақат мақтовни сал ошириб юборибсиз. "Айниқса, Сизларнинг ТЕЛЕВИДНИЕ ВА РАДИОЛАРИНГНИНГ ЎЗИ  битта партиянинг вазифасини бажаряпти. ",  деган ўринда.

Онлайн ТВ ёки радио ҳеч замонда бир партияни вазифасини бажаришини эшитмаганман. Бу қадар мақтов сал ўнғайсизлантирди. Агар сиз мақтовингизни оширилмаган, киноя эмас, самимий деб ҳисобласангиз у ҳолда биз бир партияга айланиб бўлибмизда, а? 
Яна билмадим. Ёки сиз бир  партиянинг вазифасини бажаряпти, деб бошқа бирор партияни назарда тутдингизми? Бу томони мавҳум бўлиб қолган. Менимча сиздай тилшунос олим шунақа масалаларда қалам тебратаётганда биз каби оддий ўқувчилар тушунишлари учун озгина очиқроқ фикр баён этишлари  керакмикан, деб қолдим.

Аслида,   радио  орқали жавобим етарли, дегандимку, лекин унинг ҳаммаси аудиоёзувга тушмабди. Ўшанинг учун сиз ёзган ҳамма гапларни яна бир бошдан ҳижжалаб унга шарҳ ёзиб ўтирмоқчи эмасману, хатимга жавоб беришмади , деган ўйга бориб қолмаслигингиз учун икки оғиз дуои саломимни йўллаяпман. Шундоқ ҳам чўзилиб бораётган ёзувларимни қисқароқ қилишга ҳаракат қиламан.

Биринчиси, кимлардир нимадир ташкил қилишаётган бўлса аллақачон олқишлаб бўлганмиз. Уни яна бизга " майли очаверсин, майли қилаверсин", деб уқтириш ортиқча. Биз ҳеч кимни у ё буни қил ё қилма, деб кўрсатма бермаймиз ва ундай ваколатли идора ё ташкилот эмасмиз.

Кейингиси, сайтда субъективизм борлигини айтасиз. Сиз ҳақсиз: бор. Масалан, бошқаларни эмас ўзингиздан бир мисол: бизга берган интервьюда  отларини аҳёнда бир эшитиб қоладиган кишиларни халқпарвар шоирлару, ўзингиз суҳбатларда номини кўп бор тилга олганингиз Жаҳонгир Муҳаммадни шоир, дея олмайману,  у адиб, дейсиз. Ваҳоланки сиз айтган халқпарварлар шоир аталса-ю, бир пайтлар улар устозимиз дея тан олган Жаҳонгир Муҳаммад шоир бўлмай қолса сал эриш туюлмайдими сизга? Бу борада сиздаги  холислик қани? Кўнглингизга олмангку, айтмоқчиманки айрим ҳолларда демократик нуқтаи назардан келиб чиқиб, айрим сиз айтган каби субъективизм ҳам бордир.

Ҳаракатлар кўпайса одамлар кулган бир пайт, дея ҳозир куляпман дегандай шаъма қилгансиз.  Домлажон ,  иложи бўлса мен бундай ҳолда кулмаган бўлардим. Чунки ўзим бир нарсага енг бўлолмасамда, бошқага эн бўламанми , деган озгина андишага борардим. Бир жумлада: "шунга эҳтиёж бормикан", деган шубҳа пайдо бўлди", дебсиз. Бошқа одамлар ҳамма нарсага шубҳа билан юришса ёки қарашса сиз ундайларга ишонч билан яшанглар, дея  нур улашишингиз керак бўлган зиёли бўлишингиз керакмасми?

Муаммолар қидирманглар, дебсиз. Ўзбекистонда муаммолар қидириш шарт эмас, улар тиқилиб ётибдику. Ёки ҳаммаси тугаганми?

Мана чорак асрдан буён ҳозирги мухолифат ўзингиз айтгандай ҳеч нарсага эришмагани учун одамлар янги бир ҳаракат ёки партия тузиш таклифи билан чиқишди ва мен уларнинг таклифларини умумлаштириб бир кичик таклиф-мурожаат ёздим холос. У энди сиз каби сиёсат бобида тажрибали инсонлар маслаҳат, йўл йўриқларига муҳтож.

Ҳаракат ё партиялар кўпайиб кетишидан ва одамлар ундан бунга ўтиб кетишидан чўчимаслик керак. Ахир бу  таклиф Каримовнинг таклифи эмаску. Бу мухолиф кайфиятдаги кишилар таклифи. Ўзингиз яшаётган ва мақтайдиганингиз Қозоғистонда 9 та сиёсий партия бор.

1. Адолат Демократик партияси.
2. Ак жол демократик партияси.
3. Аул социал демократик партияси.
4. Нур Отан халқ демократик партияси.
5. Азат умуммилий социал демократик партияси.
6. Руҳоният партияси.
7. Қозоғистон халқ коммунистик партияси.
8. Қозоғистон "Патриот" ( Втанпарвар" ) партияси.
9. Қозоғистон Компартияси бор эди , у фаолиятини тўхтатган дейишади, менинг ундан хабарим йўқ.

Яна бундан ташқари иккита рўйхатдан ўтмаган партия бор. Биттаси  "Алга"( "Олға" ) халқ партияси. Иккинчиси "Пиратская партия Казахстана"  сўзма сўз ўзбек тилига таржимада Қозоғистон қароқчилар партияси.

Сиз ҳаракат ё партия кўпайса одамлар унисидан бунисига ўтиб кетади ва парокандалик  деган гапингизда қисман жон бор. Бизда одамлар ҳар гал бир умид билан бошқа бир ҳаракат ё партияни танлаб, унга эргашиб адашиб қоляптилар. Партиялар эмас, унга адашиб кираётганларнинг ҳафсаласи пир бўлиб,  парокандаликка сабаб бўляпти менимча.

Ҳаракат ё партия ўзи униб чиқиши керак, уни сунъий яратмаслик керак, дебсиз. Сиз ҳақсиз домла. Бирликдан бошқа кейин тузилган ё ташкил қилинган ҳаракат ва партияларниг ҳаммаси сунъий ташкил этилди. Шу сабаб ҳам улар парокандаликка учраб ётибди. Мен киритган таклиф эса сиз ўқий олган бўлсангиз сайтни очиб, кўпчилик талаб қилиб , ҳа , ҳа талаб қилиб ҳаракат ё партия тузиш талаб ва истакларидан келиб чиқиб умумлаштириб менинг номимдан эълон қилинган бир таклиф-мурожаат холос. Бир таклиф амалга ошадими ё йўқ унинг учун  мени жазога лойиқ топмаслар азизлар, деган гапни кеча ҳам айтдим. Маслаҳат қилмабсиз, деган иддаонгизга такрор айтишга тўғри келяпти, бу бир таклиф-мулоҳаза холос. ОАВларига бир хабар ёзишдан аввал ҳаммадан сўраб, маслаҳатлашиб, ички цензурадан ўтказиб олиб кейин эълон қиладиган одатим йўқ. Балки сизда бир нима ёзишдан аввал ҳамма ўзингизга яқинлардан ёки бошлиғингиздан маслаҳатлашиб ёзиш тажрибаси бордир. Агар шундай бўлса ундай тажриба менга узркуя, маъқул эмас домлажон.

Сиз велосипед ихтироси ҳақидаги кечирасизу,  эски демагогияни яна эслабсиз. Ҳеч ким велосипед ихтиро қилмоқчи эмас, такрор айтаман бу бир таклиф холос. Бу таклифни пишитиладими ёки хамиртируш бўлиб турсин, деб хамирдан узиб бир четга узоқ вақтга ташлаб қўйиладими бу сиз тилга олган Бобур Маликов, Жаҳонгир Маматов ва яна сиз каби бошқа  тажрибали сиёсатчилар эътиборига ҳавола. Ўйлайманки сизлар каби арбоблар халқ манфаати учун ҳар қандай таклифга беэътибор қолмайсизлар. Зеро бу менинг  шахсий ташаббусим ё таклифим эмас, халқ вакиллари бўлган қатор ватандошларнинг ташаббусларидир. Ҳозирча шу. Омон бўлинг домла. Илтимос, гапларим малол келган бўлса яна айримларга ўхшаб , биздан узоқлашиб кетманг!

Сизга ҳурмат билан Ризо Обидов.

Источник: www.zamondosh.com
Просмотров 280 Сегодня 1
Радио
Подкасты
Статьи
Избранное
Настройки